Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод
Ислом Каримовнинг Тошкент вилояти сайловчилар
вакиллари билан учрашувдаги нутқи
Ассалому алайкум, азиз ватандошлар!
Муҳтарам дўстлар!
Бугун сиз, азизлар билан, Тошкент вилоятининг сайловчилар вакиллари, оқсоқоллари ва фаоллари билан кўришганимдан ва шу фурсатдан фойдаланиб, барчангизга, сизлар орқали бутун вилоят аҳлига ўзимнинг самимий ҳурмат-эҳтиромимни билдиришдан бахтиёрман.
Қадрли юртдошлар!
Барчангизга маълумки, шу кунларда мамлакатимизда 23 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига катта тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Сизлар билан бугунги учрашувимиз ҳам айнан ана шу муҳим сиёсий воқеа – сайлов масаласига бағишланган.
Энг аввало, шуни таъкидлаш керакки, ушбу сайлов жараёнлари Конституциямизга, шу билан бирга, халқаро андозалар ва ривожланган демократик давлатларнинг тажрибасига тўлиқ асосланган қонун асосида олиб борилмоқда.
Олдимизда турган ушбу сайловнинг эътиборга лойиқ томони шундаки, мамлакатимизда фаолият юритаётган сиёсий партиялар, жумладан, Халқ демократик партияси, “Адолат” социал-демократик партияси ва Либерал-демократик партиясининг вакиллари Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод сифатида кўрсатилган ва Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган. Шу билан бирга, партия аъзоси бўлмаган аҳоли номидан сайловчилар ташаббускор гуруҳи томонидан кўрсатилган номзод ҳам сайловда қатнашмоқда.
Ҳаммамизга маълумки, ҳар қандай сайлов – бу сиёсий синов. Сайловларни юқори даражада ўтказишимиз, биринчи галда биз кўзлаган, олдимизга мақсад қилиб қўйган юртимизда демократик эркин давлат ва инсон ҳуқуқларини юксак қадрлайдиган фуқаролик жамияти қуриш йўлида катта қадамдир.
Ҳеч шубҳасиз, келгуси сайловни Конституциямиз, тегишли қонунларимиз ва халқаро андозалар асосида ўтказиш – бу мамлакатимизнинг халқаро обрўсига янги обрў ва ҳурмат қўшади.
Айни шу мақсадларга эришиш учун биз аввало нималарга алоҳида эътибор беришимиз зарур?
Биринчидан, сайловнинг барча жараёнларида қонун устуворлиги ва эркинлик ҳукмронлигини таъминлашимиз, совет давриданқолган,ҳали-бери учраб турадиган баъзи бир тартиб ва қолиплардан бутунлай воз кечишимиз даркор.
Шу билан бирга, барча сайлов жараёнларидаҳар қандай давлат-маъмурий идоралари томонидан, умуман четдан туриб буларга таъсир кўрсатишга йўл қўймасликка алоҳида аҳамият беришимиз керак. Мухтасар айтганда, сайлов жараёнларини ўтказишда Марказий сайлов комиссиясининг кўрсатмаларига сўзсиз риоя қилиниши лозим.
Бўлғуси сайловга халқаро жамоатчилик томонидан қандай баҳо берилиши сайлов жараёнларида сиёсий партиялар ва жамоатчилик вакилларига, маҳаллий ва хорижий кузатувчиларга, оммавий ахборот воситаларига ўз ҳуқуқ ва бурчларини амалга ошириши учун қай даражада шароит яратиб беришимизга боғлиқ эканини унутмаслигимиз керак.
Энг муҳими, кимгадир арзимайдиган бир масаладек кўринадиган баъзи бир қонун талаблари ҳам эътиборимиздан четда қолмаслиги керак, деб ўйлайман.
Муҳтарам дўстлар!
Барчамиз яхши англаб олишимиз лозимки, бугун Президент сайлови ҳақида сўз борганда, гап асосан номзод, шахс ҳақида эмас, балки эртага сайловлар ўтгандан кейин Ўзбекистонда амалга ошириладиган сиёсат ҳақида бориши керак.
Мен бу ўринда нимани назарда тутяпман?
Ҳеч кимга сир эмас, ҳар қайси инсон бу сиёсат шахсан менинг ўзимга, оиламга қандай наф беради, юртим тинчлиги ва осойишталигини сақлаш, Ватаним тараққиётини, халқим фаровонлигини янада юксалтириш учун қандай хизмат қилади, деган саволлар устида ўйлаши табиийдир.
Бу дунёда ҳар бир одам муносиб ҳаёт кечириш, болаларини тарбиялаш, уй-жойли қилиш, уларнинг бахти ва камолини кўриш орзуси билан яшайди. Баландпарвоз гапларни четга суриб айтганда, бу ҳар қайси оила, ҳар қайси инсон учун энг зарур, энг устувор масала эканини барчамиз яхши англаймиз.
Шу билан бирга, ҳар қайси инсон ва оиланинг бугунги ҳаёти ва эртанги орзу-интилишларининг амалга оширилиши юртимиздаги тинчлик ва осойишталикни сақлаш Ватанимизнинг тараққиёти билан чамбарчас боғлиқ эканини яхши тушунамиз.
Ишонаманки, кўпни кўрган халқимиз айни шу эзгу мақсадларни кўзлаган ҳолда, ўз юртининг тинчлиги ва обод бўлиши учун, ҳаётимиз янада фаровон бўлиши учун ўз овозини беради.
Азиз ватандошлар!
Биз ўтган давр мобайнида олдимизда турган эзгу мақсад ва муддаоларимизга эришиш йўлида қандай марраларга эришган бўлсак, буларнинг барчасини заҳматкаш халқимизнинг фидойилиги, мардона меҳнати билан қўлга киритганимизни яхши биламиз ва буни юксак қадрлаймиз.
Шу билан бирга, ҳаммамиз яхши тушунамизки, эртанги кунимизни, Ватанимиз истиқболини қуриш йўлида албатта чуқур ва атрофлича ўйланган, узоқни кўзлайдиган стратегия ва аниқ режалар зарур.
Бу стратегиянинг энг муҳим, асосий йўналишлари менинг сайловолди дастуримда ўз ифодасини топган ва ўйлайманки, кўпчилигингиз бу дастур билан танишсиз. Рухсатингиз билан олдимизда турган ана шу устувор вазифаларни ўзимизга чуқурроқ тасаввур қилиш учун улар ҳақида яна бир бор қисқача тўхталиб ўтмоқчиман.
Бизнинг эртанги кунимиз ва узоқни кўзлаган мақсадларимиз ҳақида гапирганда:
Биринчидан.Ўзини ҳаётимизда ҳар томонлама оқлаган кенг кўламли ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга қаратилган сиёсатни давом эттириш ва кучайтириш асосий вазифамиздир.
Бу борада иқтисодиётдаги чуқур таркибий ўзгаришларни янги босқичга кўтариш, фаол инвестиция сиёсатини амалга ошириш, солиқ юкини камайтириш, юксак технологиялар билан қуролланган тармоқ ва ишлаб чиқариш корхоналари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожи учун янада қулай шарт-шароитларни яратиш бундан кейин ҳам эътиборимиз марказида бўлади.
Иккинчидан.Тараққиётимиз таянчи бўлмиш тадбиркорлик, фермерлик ҳаракати ва хусусий бизнес тузилмаларининг, барча моддий ва интеллектуал мулк эгаларининг манфаатларини устун қўйиш, уларга тўлиқ имтиёз ва имкониятлар яратиб бериш, кенг қўллаб-қувватлаш устувор вазифамиз бўлиб қолади.
Бу соҳада охирги йилларда қандай қулайлик ва имтиёзлар бераётганимиз ҳақида барчангиз хабардорсиз. Шу ишларни келажакда давом эттирамиз. Фақатгина бир мисол тариқасида қуйидаги рақамларга эътиборингизни тортмоқчиман.
Фермерлар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлардан олинадиган ягона солиқ ставкаси 2007 йилда 10 фоиз бўлган бўлса, янги – 2008 йилда 8 фоизни ташкил этади. Бундай қарор, ўйлайманки, айни мана шу соҳа вакилларининг даромадини янада оширишга имкон беради, албатта.
Мамлакатимизда иқтисодий ва ижтимоий сиёсатни амалга оширишда биз аҳолининг социал қатламлари ўртасида ҳаёт даражаси ва даромад кўрсаткичлари бўйича кескин табақаланишга йўл қўймасликка алоҳида эътибор қаратамиз.
Содда қилиб айтганда, Ўзбекистонда ўта бойлар ҳам, ўта камбағаллар ҳам бўлмаслиги керак, деган тамойил бундан буён ҳам изчил давом эттирилади. Лекин бу масалани ечишда биз фақат ва фақат иқтисодий воситаларга таянамиз.
Учинчидан. Кучли давлатдан кучли фуқаролик жамиятига босқичма-босқич ўтиш жараёнини чуқурлаштириш давлат ва жамият қурилиши соҳасида асосий вазифамиз бўлиб қолади.
Биз давлат ҳокимияти органларининг хўжалик субъектлари ишига аралашувини тубдан бартараф этиш, уларнинг иқтисодий ва ижтимоий масалаларни ҳал этиш, коммунал хўжалик ва ободонлаштириш ишларини молиялаштириш, одамларни иш билан таъминлаш ва аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ваколатларини босқичма-босқич маҳаллий ҳокимият, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, маҳаллаларга ўтказиш мақсадида фаол иш олиб борамиз. Бошқача айтганда, қуйи поғонадаги бошқарув тизимининг ваколатини янада оширамиз.
Тўртинчидан. Ҳаётимизнинг барча соҳаларини эркинлаштиришга доир ислоҳотларни изчил давом эттириш доимий эътибор марказимизда бўлади.
Жамиятимизда демократик жараёнларни янада чуқурлаштириш, жумладан, кўппартиявийлик тизими, фуқаролик институтлари ва нодавлат ташкилотлар фаолиятини, уларнинг ҳуқуқ ва ваколатларини кучайтириш, оммавий ахборот воситаларининг том маънода тўртинчи ҳокимият сифатида фаолият юритиши учун зарур бўлган барча ҳуқуқий ва ташкилий тадбирларни амалга ошириш – долзарб вазифамиздир.
Бешинчидан. Суд-ҳуқуқ тизимини чуқур ислоҳ этиш ва эркинлаштириш бўйича бошлаган ишларимизнинг таъсири ва самарасини кучайтириш, энг асосийси, суд тизими мустақиллигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратамиз.
Бу борада ўлим жазосини бекор қилиш, қамоққа олишда санкция бериш ҳуқуқини судларга ўтказиш тўғрисида қабул қилинган қонунлар ижросини тўлиқ таъминлаш, бу йўналишда самарали тизимни шакллантиришга устувор аҳамият берилади.
Олтинчидан. Ташқи сиёсат соҳасида биз бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, улар билан тенг ҳуқуқли асосда шерикчилик қилиш, узоқ ва яқин қўшниларимиз билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва тотувликда яшаш тамойилига бундан буён ҳам қатъий амал қиламиз.
Юртимиздаги тинчлик ва осойишталик, барқарорликни мустаҳкамлаш, турли миллатлар ва диний конфессиялар ўртасида ҳамжиҳатликни янада кучайтириш бизнинг устувор мақсадимиз бўлиб қолади.
Қуролли Кучларимиз қудратини ошириш, мамлакатимизнинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлаш, шу мақсадда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилаларини ижтимоий ҳимоя қилиш, турар-жой ва маиший шароитларини янада яхшилаш, маошлари миқдорини кўпайтириб бориш ва ҳар томонлама рағбатлантириш бу соҳадаги ишларимизда етакчи ўрин эгаллайди.
Еттинчидан. Халқимизнинг реал даромадлари ва фаровонлигини ошириш, муҳим ижтимоий дастурларни жорий этиш бундан буён ҳам фаолиятимизнинг асосий йўналишини ташкил этади. Бу соҳада қандай изчиллик билан иш олиб бораётганимиз ҳақида хабардорсиз. Жумладан, 2007 йилнинг ўзида, инфляция – яъни нарх ошиши даражаси 7 фоиздан ошмаган ҳолда, ўртача маош миқдори 56 фоизга ўсганини таъкидлаш лозим.
Агарки, маошларимиз кўпайишини шундай суръатлар билан давом эттирсак, ўйлайманки, 2008-2009 йилларда оладиган ойликларимиз, насиб этса, камида 2 карра ошади.
Бугунги кунда энг долзарб вазифамиз бўлмиш янги иш ўринлари ташкил этиш, соғлиқни сақлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, кекса авлод вакилларини, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, муҳтож тоифаларга эътибор ва ғамхўрликни кучайтиришга қаратилган ижтимоий ҳимоя сиёсати янги босқичда давом эттирилади.
Фурсатдан фойдаланиб, шу масала бўйича баъзи бир мисолларга яна бир бор диққатингизни тортмоқчиман.
Ижтимоий соҳага йўналтирилган маблағларнинг давлатимиз бюджети умумий харажатларидаги улуши 2006 йилда 51,9 фоизни, 2007 йилда 53,8 фоизни ташкил этди. 2008 йилда эса, бу кўрсаткич 54,6 фоиз даражасида бўлиши белгилаб қўйилган.
Собиқ иттифоқ ҳудудида бундай кўрсаткичлар биронта давлатда учрамаслигини аниқ айтишим мумкин.
Бизнинг дастуримизда қишлоқ аҳолисининг турмуш даражасини юксалтириш масаласига алоҳида аҳамият берилган.
Ер унумдорлиги, унинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ҳисобидан соҳанинг рентабеллиги ва самарасини янада ошириш, қишлоққа саноатни, хизмат ва сервис шохобчаларини олиб кириш, замонавий қайта ишлаш корхоналарини барпо этиш доимий эътиборимиз марказида бўлади.
Саккизинчидан. Таълим соҳасидаги миллий дастурларимиз ижросини тўла якунига етказиш, ёшларимизни бизга бегона бўлган зарарли оқимлардан асраб, замонавий билим ва тажрибага, ўз мустақил фикрига эга, маънавий юксак, комил инсонлар этиб вояга етказиш, уларнинг жамиятимизда мустаҳкам ва муносиб ўрин эгаллаши учун барча куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз.
Тўққизинчидан. Маданий ва маърифий соҳаларда амалга ошираётган ишларимизнинг таъсири ва самарасини кучайтириш бизнинг фаолиятимизда муҳим ўрин эгаллайди.
Бу борада юртимиздаги таълим даргоҳлари, илм-фан, маданият ва санъат масканларида хизмат қилаётган ўқитувчи ва домлалар, илмий ходимлар, ижодкор зиёлиларни, санъат ва маданият намояндаларини қўллаб-қувватлаш, моддий ва маънавий жиҳатдан рағбатлантириш, уларнинг истеъдодини рўёбга чиқариш учун шароит яратиб беришни биз ўзимизнинг устувор вазифамиз, деб биламиз.
Ўнинчидан. Ана шундай улуғвор мақсадларни амалга ошириш учун бел боғлаган эканмиз, албатта бирдамлик ва меҳр-оқибат, албатта шижоат ва қатъият қалбимиздан, кундалик ҳаётимиздан чуқур жой олиши керак.
Муҳтарам юртдошлар!
Кўриб турибсизки, бизнинг ўз олдимизга қўйган мақсадларимиз ғоят улкан ва масъулиятли бўлиб, уларнинг асосий маъно-мазмуни, мухтасар айтганда, бугунги кунимиз ва эртанги ҳаётимизни янада яхшилаш, инсон манфаатини устун деб биладиган фуқаролик жамияти барпо этишдан иборат.
Шу билан бирга, бу дастурда бутун мамлакатимиз, жумладан, Тошкент вилоятига ҳам бевосита дахлдор бўлган долзарб вазифаларни амалга ошириш, энг асосийси, жойларда ҳали-бери ечилмасдан, одамларни қийнаб келаётган масалаларни ҳал этиш бўйича аниқ ёндашувлар ҳам ўз ифодасини топган.
Шу боис Тошкент вилоятининг бугунги ривожи, қўлга киритилаётган ютуқ ва натижалари билан бирга, олдимизда турган вазифалар, мавжуд муаммоларни бартараф этиш йўллари, истиқбол режаларимиз ҳақида атрофлича фикрлашиб олсак, ўйлайманки, мақсадга мувофиқ бўлади.
Ҳурматли дўстлар!
Оллоҳ таоло юртимизга қандай бебаҳо неъмат ва бойликлар ато этган бўлса, уларнинг барча-барчаси мана шу Тошкент воҳасида мужассам эканини кўп-кўп мисолларда яққол кўриш мумкин.
Бу кўҳна заминдаги қадимий шаҳристонлар, қалъа ва қўрғонлар, меъморий обидалар, шу табаррук тупроқда излари қолган Занги ота ва Хожа Аҳрор Валий, Шайх Умар Боғистоний ва Сулаймон Банокатий сингари азиз-авлиё ва мутафаккир зотларнинг қутлуғ мероси бу диёр асрлар давомида маънавиятимизнинг муқаддас бешикларидан бири бўлиб келганини кўрсатади.
Бу ердаги гўзал табиат, улкан табиий захиралар, серҳосил дала ва боғлар, ривожланган суғориш ва ишлаб чиқариш тармоқлари, замонавий шаҳар ва қишлоқлар Тошкент вилоятининг нақадар катта имкониятларга эга эканидан далолат беради.
Лекин ҳаммамиз яхши биламизки, жамиятнинг ҳақиқий бойлиги — бу аввало инсон, инсон авлодидир. Шу маънода, эл-юртига, Ватанига садоқатли, имон-эътиқоди бутун, малакаси етук, маънавияти юксак инсонлар мамлакатимизнинг асосий куч-қудрат манбаидир, десак, янглишмаган бўламиз.
Тошкент вилоятида яшаб меҳнат қилаётган кўпмиллатли, бағрикенг ва бунёдкор халқ айнан ана шундай эзгу фазилатлари билан бутун юртимизда обрў-эътибор қозониб келмоқда.
Бир сўз билан айтганда, Тошкент вилояти улкан иқтисодий, ижтимоий ва маънавий салоҳияти билан ҳақиқатан ҳам пойтахт вилояти деган номга ҳар томонлама муносибдир, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Қадрли юртдошлар!
Кейинги йилларда, бутун мамлакатимизда бўлгани каби, Тошкент вилояти иқтисодиётида ҳам изчил ривожланиш суръатлари кўзга ташланмоқда. Буни 2000-2006 йиллар мобайнида вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот 1,4 баробарга кўпайгани, аҳолининг реал даромадлари жон бошига 2,6 баробар, шу йилнинг 9 ойи мобайнида эса қарийб 30 фоиз ўсгани ҳам яққол кўрсатиб турибди.
Маълумки, Тошкент вилояти – мамлакатимизнинг табиий захираларга бой ҳудудларидан биридир. Ҳозирги пайтда бу саховатли заминда 124 та кон мавжуд бўлиб, улардан олтин ва кумуш, мис ва қўрғошин, молибден ва рух, кўмир каби ноёб металл ва хомашёлар қазиб олинади.
Айни пайтда Тошкент вилояти мамлакатимизнинг йирик саноат минтақаларидан бири ҳисобланади. Қайси соҳани олмайлик – бу ҳар қандай иқтисодиётнинг негизини белгилаб берадиган тоғ-кон металлургияси бўладими, ёқилғи-энергетика ёки кимё саноати бўладими, қайта ишлаш тармоғи бўладими – мамлакатимиз ва ундан ташқарида ҳам машҳур бўлган катта корхоналар айнан шу минтақада жойлашганини кўриш мумкин.
Шулар қаторида Олмалиқ кон-металлургия комбинати, Ўзбекистон металлургия комбинати, “Оҳангаронцемент”, “Бекободцемент”, “Аммофос”, “Ўзбеккўмир”, “Оҳангароншифер” акциядорлик жамиятлари, Ангрен иссиқлик электр станцияси, “Спентекс-Тўйтепа-текстиль” қўшма корхонаси сингари йирик ишлаб чиқариш мажмуалари нафақат вилоят, балки республикамиз саноатида етакчи ўрин тутади.
Вилоятда саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми охирги олти йилда 1,6 баробар ёки йилига ўртача 8 фоизга ўсгани, унинг ялпи ҳудудий маҳсулот таркибидаги улуши бугунги кунда 38 фоизни ташкил этгани айниқса эътиборга лойиқ.
Ҳеч шубҳасиз, бундай ижобий натижаларга эришишда соҳада меҳнат қилаётган қарийб 210 минг нафар ишчи ва муҳандислар, мутахассис ва техник ходимларнинг муносиб ҳиссаси борлигини алоҳида таъкидлаш ўринлидир.
Ана шу вақт ичида вилоятда жами 1 триллион 300 миллиард сўмлик инвестиция ўзлаштирилгани, унинг ҳажми жорий йилнинг тўққиз ойи мобайнида 316 миллиард сўмдан иборат бўлиб, ўтган йилга нисбатан 1,3 баробар ортгани бу борада амалга оширилаётган катта ишлар кўламидан далолат беради.
Энг муҳими, бундай ўзгаришлар турли соҳа ва тармоқларда янги иш ўринларининг яратилиши, аҳоли даромадларининг сезиларли даражада кўпайишига имкон бермоқда. Кейинги олти йил давомида вилоят бўйича 247 мингта, жорий йилнинг ўтган даврида эса 50 мингдан ортиқ янги иш ўрни ташкил этилгани ҳам бу фикрни тасдиқлайди.
Муҳим иқтисодий кўрсаткичлардан бири бўлган экспорт масаласини оладиган бўлсак, мустақиллик йилларида вилоятда экспорт ҳажми 30 баробарга ўсгани, жорий йилнинг 9 ойи мобайнида бу рақам 1,5 баробарга кўпайиб 1,2 миллиард АҚШ долларини ташкил этганини мамнуният билан қайд этиш лозим.
Ўзининг ишбилармонлик ва тадбиркорлик фазилатлари билан кенг танилган вилоят аҳли кейинги йилларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида ҳам салмоқли натижаларни қўлга киритмоқда. Бугунги кунда вилоятда 34 мингдан зиёд кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти фаолият кўрсатаётгани ва уларнинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 38 фоизга етгани ана шу ўрта синф вакилларининг тобора кучга тўлиб бораётганининг амалий намоёнидир.
Айни пайтда қишлоқ хўжалиги соҳасида олиб бораётган чуқур ислоҳотларимиз, жумладан, соҳада ҳал қилувчи куч бўлган фермерлик ҳаракатига кенг йўл очиб берганимиз вилоятда ўзининг ижобий самарасини бермоқда. Бу авваламбор етакчи тармоқлар бўлмиш пахтачилик ва ғаллачиликда яққол кўзга ташланмоқда.
Вилоятнинг эришган марралари ҳақида гапирганда, бир мисолга эътиборингизни қаратмоқчиман. Агар 1991 йилда вилоятда 62 минг тонна ғалла тайёрланган бўлса, ҳозирги пайтда бу кўрсаткич 7 баробардан зиёд кўпайиб, 443 минг тоннадан ошиб кетди.
Жорий йилда вилоят деҳқонларининг пешона тери билан 275 минг тонна пахта хомашёси олишга эришилди.
Ўзингиз ўйланг, 1991 йилда етиштирилган пахта хомашёси бу ернинг ўзида умуман қайта ишланмаган бўлса, эндиликда унинг 72 фоиздан ортиғи айнан вилоят ҳудудида қайта ишланмоқда.
Энг асосийси, бу соҳада фаолият кўрсатаётган 12 та корхона йилига 115 миллион доллар тайёр маҳсулотни экспорт қилмоқда ва 8,5 минг йигит-қизни иш билан таъминламоқда.
Азиз дўстлар!
Биз истиқлолнинг дастлабки кунларидан бошлаб жамиятимиздаги ҳар қандай янгиланиш, ҳар қандай ўзгариш аввало инсон учун, унинг ҳаётини фаровон этиш учун хизмат қилиши керак, деган ғояни ўз фаолиятимизнинг бош мақсади сифатида белгилаб олдик ва шу йўлда қандай улкан ишларни амалга оширганимиз, ўйлайманки, эл-юртимизга яхши маълум.
Бу ҳақда гапирганда, биринчи навбатда одамларнинг кундалик ҳаётига, кайфиятига бевосита таъсир кўрсатадиган ижтимоий соҳадаги ишларни кўз олдимизга келтиришимиз табиий, албатта.
Шу борада кейинги 10 йил мобайнида Тошкент вилояти бўйича 2 минг 330 километрдан зиёд сув тармоғи тортилиб, ўнлаб қишлоқ ва аҳоли пунктларига тоза ичимлик суви олиб борилганини қайд этиш лозим. Ана шундай амалий ҳаракатлар туфайли аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш даражаси яхшиланиб, ҳозирги кунда 83 фоиздан ошди.
Шу билан бирга, табиий газ билан таъминлаш бўйича ҳам кўп иш қилинмоқда. Мустақиллик йилларида вилоятдаги газ тармоқларининг узунлиги 1,5 баробарга, қишлоқ жойларда эса 2,4 баробарга ошгани, қишлоқ аҳолисини табиий газ билан таъминлаш даражаси 1991 йилда 32 фоиз бўлган бўлса, бугунги кунга келиб 83 фоизга етгани бу борада қандай улкан қадам қўйишга эришганимизни кўрсатади.
Халқимизнинг “Эл соғлиғи – юрт бойлиги” деган мақоли бежиз айтилмаган. Нега деганда, фақат соғлом миллат, соғлом халқ буюк ишларга қодир бўлади. Шунинг учун ҳам аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш масаласига мамлакатимизда устувор аҳамият берилмоқда. Бу борада Тошкент вилоятида ҳам эътиборга лойиқ ўзгаришлар юз бераётганини ҳар бир туман, шаҳар ва қишлоқлар, олис ва чекка ҳудудлар мисолида кўриш мумкин.
Ҳозирги кунда вилоятда 540 та тиббиёт муассасаси аҳолига малакали хизмат кўрсатмоқда. Улар орасида республика шошилинч тиббий ёрдам марказининг вилоят филиали, унинг шаҳар ва туманлардаги бўлимлари самарали фаолият олиб бораётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Бу соҳадаги ишларни янги босқичга кўтариш мақсадида биргина шу йилнинг ўзида кўплаб тиббиёт муассасалари тубдан реконструкция қилинди, капитал ва жорий таъмирланди. Жумладан, Бекобод шаҳрида юқумли касалликлар шифохонаси қуриб фойдаланишга топширилди. Жанубий Кореянинг Саломатлик ва ривожланиш жамғармаси билан ҳамкорликда Ўрта Чирчиқ туманидаги болалар шифохонаси тубдан қайта таъмирланиб, замонавий асосда жиҳозланди.
Айни пайтда вилоятда 245 та қишлоқ врачлик пункти барпо этилган бўлиб, улар Жаҳон банкининг “Саломатлик-2” лойиҳаси асосида зарур тиббий ускуна ва жиҳозлар билан таъминланганини қайд этиш жоиз.
Юртимизда эркин ва обод, фаровон ҳаёт қуришда замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, ҳеч кимдан кам бўлмаган ёш авлодни тарбиялаш масаласи нақадар масъулиятли вазифа эканини барчамиз яхши тушунамиз, албатта.
Ҳозирги вақтда вилоятдаги мавжуд 891 та мактабда 484 мингдан зиёд ўқувчи таълим олмоқда. Уларнинг бугунги кун талаблари даражасида билим ва тарбия олиши учун Мактаб таълимини ривожлантириш умуммиллий дастури доирасида кейинги йилларда 10 та янги мактаб қурилди ва 97 та мактаб капитал реконструкция қилинди. Шу билан бирга, Кадрлар тайёрлаш миллий дастурига мувофиқ, вилоятда 75 та касб-ҳунар коллежи, 4 та академик лицей барпо этилди.
Ўзбекистонда жисмоний тарбия ва спортга қанчалик катта эътибор берилаётгани барчамизга яхши маълум. Бу борада Тошкент вилоятида ҳам кўплаб ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Бу ерда фаолият кўрсатаётган 4 мингдан ортиқ спорт иншооти аҳоли, айниқса, ёшларимизни оммавий спортга жалб этишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Яратилган ана шундай шарт-шароитлар туфайли вилоят ёшлари орасидан истеъдодли спортчилар етишиб чиқмоқда. Уларнинг нуфузли халқаро мусобақаларда юксак ғалабаларни қўлга киритаётгани ҳаммамизни албатта хурсанд қилади.
Жумладан, таэквондо бўйича жаҳон биринчилиги ғолиби Азамат Шаропов, эркин кураш бўйича ёшлар ўртасида жаҳон чемпиони Шукуржон Дадажонов, кикбоксинг бўйича олтин медаль соҳиби Нодир Шарипов, оғир атлетика бўйича кўплаб нуфузли мусобақалар ғолиби Баҳодир Бурҳонов сингари ўғлонларимизга бугун мамлакатимиздаги минг-минглаб тенгдошлари ҳавас билан қараб, улардан ўрнак олишга интилмоқда, мунтазам равишда спорт билан шуғулланиб, ўз соғлиғи ва иродасини мустаҳкамламоқда.
Ҳурматли юртдошлар!
Тошкент вилояти турли соҳаларда эришаётган марра ва ютуқлар ҳақида гапирганда, шу элнинг муносиб вакиллари – Ўзбекистон Қаҳрамонлари, моҳир экскаваторчилар Жонсаид Турдиев ва Саидали Раҳмонов, шулар қаторида меҳнатда фидойилик кўрсатаётган уста металлург Марат Валиев, миришкор фермер Малик Каримов, фидойи муаллима Сабоат Раззоқова, жонкуяр шифокор Лидия Чижова, истеъдодли шоир Маҳмуд Тоиров, тажрибали журналист Собиржон Иномов, таниқли спортчилар Рустам Саидов ва Дилшод Мансуров сингари юртдошларимизнинг номларини ҳурмат билан тилга оламиз.
Мен бугунги фурсатдан фойдаланиб, ўз ҳаётини шу замин билан, унинг тақдири ва эртанги куни билан боғлаган, вилоятда амалга оширилаётган улкан ўзгаришларга муносиб ҳисса қўшаётган барча-барча инсонларга самимий миннатдорчилик билдиришни ўзимнинг бурчим, деб биламан.
Муҳтарам дўстлар!
Энди, ижозатингиз билан, Тошкент вилоятини яқин келажакда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган янги режалар ва йирик лойиҳалар ҳақида қисқача тўхталиб ўтмоқчиман.
Авваламбор, аҳолининг энг муҳим кундалик эҳтиёжи бўлмиш тоза ичимлик суви таъминотини яхшилаш масаласида қатор ишларни амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Жумладан, шу мақсадда Хитой ҳукуматининг кредити ҳисобидан Чиноз, Зангиота ва Тошкент туманлари, қисман Янгийўл туманида сув қувурларини реконструкция қилиш белгиланмоқда. Келгуси йилдан бошлаб амалга ошириладиган бу лойиҳанинг қиймати қарийб 27 миллион долларни ташкил этади.
Умумий қиймати 35 миллион доллардан зиёд бўлган яна бир лойиҳа – Туябўғиз-Бекобод сув қувурини барпо этиш учун Осиё тараққиёт банки кредити жалб этилади. Шунинг ҳисобидан яқин уч йилда биз Бекобод шаҳри, Бўка ва Бекобод туманлари аҳолиси ва ён-атрофдаги қишлоқларни сифатли ичимлик суви билан таъминлаш имконига эга бўламиз.
Шу билан бирга, вилоят аҳолисининг марказлаштирилган канализациядан фойдаланишини яхшилаш учун Хитой ҳукуматининг кредити асосида Чирчиқ шаҳри, Бўстонлиқ тумани ва Чимён-Чорвоқ дам олиш зонасида оқава сувларни тозалаш бўйича 5,2 миллион долларлик лойиҳа амалга оширилади. Бунинг натижасида Тошкент вилоятида яшаётган 190 мингдан ортиқ аҳолининг марказлаштирилган канализация тизимидан фойдаланиш имконияти туғилади.
Шу борада коммунал хўжалиги соҳасида ҳам ислоҳотларни давом эттириш кўзда тутилмоқда.
Вилоятда охирги уч йил давомида 1991 йилгача қурилган 2 минг 946 та кўпқаватли уй капитал таъмирланиб, бу ишлар учун 34 миллиард сўм маблағ сарфланди.
Келгусида бу борадаги ишларни изчил давом эттирган ҳолда, яқин уч йил ичида 1 минг 140 та ана шундай уйни таъмирлаш кўзда тутилмоқда. Бу мақсадлар учун ҳаммаси бўлиб 10 миллиард сўмдан зиёд маблағ йўналтирилади.
Шунингдек, вилоятда уй-жой қурилиши соҳасини ривожлантиришга қаратилган аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда. Жумладан, биргина 2008 йилнинг ўзида Бекобод, Чирчиқ ва Ангрен шаҳарларида ёш оилалар учун ипотека кредити асосида ҳар бири 32 та хонадонга мўлжалланган 6 та кўпқаватли уй қурилади.
Вилоятда келгуси икки йил мобайнида 750 минг квадрат метр, жумладан, қишлоқ жойларда 480 минг квадрат метрдан иборат уй-жой қуриш учун 30 миллиард сўм сарфланиши режалаштирилмоқда.
Табиийки, бу ишларни амалга ошириш учун тегишли қурилиш материаллари, авваламбор, пишиқ ғишт керак бўлади. Ҳозирги кунда вилоятдаги мавжуд 66 та ғишт заводида йилига 227 миллион дона пишиқ ғишт ишлаб чиқарилмоқда. Бу борада ўсиб бораётган талабни қондириш мақсадида яқин икки йилда 50 миллион дона ғишт ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган 16 та ихчам завод барпо этиш кўзда тутилмоқда.
Яна бир муҳим йўналиш — амалдаги таълим дастурлари доирасидаги ишларимизни изчил давом эттиришдан иборат. Жумладан, келгуси икки йилда вилоятда 40 та касб-ҳунар коллежи, 2 та академик лицей, 22 та янги мактаб қурилади, 134 та мактаб эса капитал реконструкция қилинади. Ушбу мақсадлар учун инвестиция дастури доирасида қарийб 151 миллиард сўм маблағ сарфлаш мўлжалланмоқда.
Айни пайтда Ислом тараққиёт банкининг 1,3 миллион долларлик имтиёзли кредити асосида 2008 йилда Оҳангарон ва Бўка туманларида ҳар бири 315 ўқувчига мўлжалланган иккита мактаб қуриш белгиланган.
Ана шундай саъй-ҳаракатларимиз натижасида 2010 йилга бориб вилоятда 85 ярим минг ўқувчи ўрнига эга бўлган 136 та касб-ҳунар коллежи ва 6 та академик лицей ҳамда 437 мингдан ортиқ ўқувчига мўлжалланган 893 та мактаб фаолият кўрсатади.
Яна бир устувор вазифа — коммуникация масаласи, яъни янги йўллар қуриш, мавжуд бўлган йўлларни таъмирлаш билан боғлиқ. Автомобиль йўллари қуришнинг 2010 йилгача мўлжалланган концепциясига мувофиқ, вилоятнинг транзит салоҳиятини ошириш, 62 километр йўлни халқаро талаблар даражасида реконструкция қилиш, 73 километрдан зиёд автомагистрални эса таъмирлаш кўзда тутилмоқда.
Ҳозирги вақтда 120 миллиард сўм маблағ ҳисобидан Тошкент ва Сирдарё вилоятлари ўртасидаги масофани 61 километрга камайтириш имконини берадиган, уларни ўзаро боғлайдиган янги йўл қурилиши бошлаб юборилди. Бу йўл мамлакатимизнинг бошқа минтақаларидан Тошкент ва Фарғона водийси вилоятларига келувчиларнинг транспорт харажатлари, энг муҳими, вақтини сезиларли даражада тежаш имконини беради.
2008 йилнинг охирига бориб, 114 километрлик Тошкент-Ангрен электрлаштирилган темир йўл участкаси фойдаланишга топширилади. Умумий қиймати 69 миллиард 400 миллион сўм бўлган бу лойиҳа амалга оширилгач, ушбу йўналишда темир йўл харажатлари 35-40 фоизга камаяди.
Олдимизда турган вазифаларимиздан энг муҳими – вилоятдаги ҳайдаладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, тупроқ унумдорлигини юксалтиришдан иборат.Бу мақсадлар учун яқин беш йил мобайнида Мелиорация жамғармаси томонидан 26 миллиард сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилмоқда.
Келгуси йили “Уртуқли”, “Ерлиқоп” зовур тармоқлари тубдан қайта таъмирланади, мавжуд мелиоратив қудуқлар, насос станциялари мукаммал созланади. Натижада Бекобод ва Бўка, Чиноз ва Янгийўл туманларидаги 12 минг гектардан зиёд кучли ва қисман шўрланган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга эришамиз.
Бундан ташқари, Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банкининг 12,5 миллион долларлик кредити ҳисобидан Оҳангарон, Бўка ва Қуйичирчиқ туманларида ҳам бу борада тегишли тадбирлар амалга оширилмоқда.
Навбатдаги муҳим йўналиш — энергетика соҳаси бўйича режалаштирилган йирик лойиҳалар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман.
Шу борада Қибрай туманидаги Тошкент иссиқлик электр станциясининг буғ-газ қурилмасини қуриш ва модернизация қилиш ишларига келгуси йилдан бошлаб Япония ҳукуматининг 221 миллион долларлик имтиёзли кредитини йўналтириш, Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан эса 70 миллион доллар маблағ ажратилиши кўзда тутилмоқда.
Бу ўз навбатида ушбу корхонада 370 меговатт қувватга эга бўлган буғ-газ қурилмаси негизида янги энергия ишлаб чиқариш технологияларини жорий этиш ва ёқилғи сарфини 22 фоизга камайтириш имконини беради. Шунингдек, табиий газни тежаш ҳисобидан йилига 55 миллион доллар иқтисодий самара олинади.
2009 йилдан бошлаб биз умумий инвестициялар ҳажми 400 миллион доллар бўлган Янги Ангрен иссиқлик электр станцияси қозонларини йил давомида кўмир асосида ишлашга ўтказишга қаратилган лойиҳани амалга оширишга киришамиз.
Шу тариқа биз йилига 220 миллион долларга тенг 1,3 миллиард куб метр газни тежаш ва уни экспорт қилиш имконига эга бўламиз. Бундан ташқари, ҳар йили электр энергияси ишлаб чиқаришни 9-10 миллиард киловатгача кўпайтиришга эришамиз.
Ушбу корхонани кўмир билан узлуксиз таъминлаш мақсадида “Ангрен” конини техник жиҳатдан қайта жиҳозлаш учун 243 миллион доллар хорижий инвестиция жалб этиш мўлжалланмоқда. Мазкур лойиҳани амалга ошириш натижасида 2012 йилга бориб, кўмир қазиб олишни 3 баробарга кўпайтириш ва унинг миқдорини йилига 11 миллион тоннагача етказиш имкони яратилади.
Шу билан бирга, вилоят ҳудудида Фарғона водийси йўналиши бўйлаб умумий узунлиги 150 километрдан ортиқ бўлган 500 киловатт электр қуввати узатиш линияси қурилишига 100 миллион доллардан ортиқ инвестиция киритиш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, Оҳангарон сув омбори қошидаги иссиқлик электр станциясини модернизация қилиш ва энергия ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилган. Унинг қиймати 23 миллион доллардан зиёд бўлиб, шундан қарийб 6 миллион доллари Хитой Эксимбанкининг имтиёзли кредити ҳисобидан молиялаштирилади.
Мухтасар айтганда, вилоятнинг етакчи тармоқларидан бири бўлган энергетика соҳаси корхоналарига кейинги 5 йилда жами 1 миллиард доллардан ортиқ сармоя жалб этилиши мўлжалланмоқда.
Ўзбекистон металлургия комбинатида модернизация ва технологик қайта жиҳозлаш ишларини амалга ошириш асосида йилига 500 тонна миқдорида пайвандлаш электродлари ҳамда 6 минг тонна металл сим ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Шу мақсадда яқин уч йилда 37 миллиард сўм маблағ йўналтирилиб, 160 та қўшимча иш ўрни яратилади.
Шулар қаторида Чирчиқ шаҳридаги Ўзбекистон ўтга чидамли ва қийин эрийдиган металлар комбинатида ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича катта ишлар режалаштирилмоқда.
Ҳозирги вақтда Ингичка ва Яхтон, Саутбой, Қўйтош ва Лангар ҳудудларида янги вольфрам конларини босқичма-босқич ўзлаштириш ва эскиларини тиклаш ҳисобидан ушбу комбинат фаолиятини кенгайтириш бўйича зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда.
Бугунги кунда жаҳон бозорида вольфрамга бўлган талабнинг ошиб бораётгани бу корхонанинг экспорт салоҳияти ва иқтисодий самарадорлигини бир неча баробарга кўтариш учун қулай имконият яратади.
Айни пайтда вилоятдаги йирик кимё корхоналарида ҳам муҳим истиқболли лойиҳалар амалга оширилади. Сизларга маълумки, биз жаҳондаги нуфузли “Максам” трансмиллий компаниясини 75 миллион долларлик сармояси билан 2006 йилда Чирчиқдаги “Электркимёсаноат” заводига акциядор сифатида жалб этган эдик. Ўзбекистоннинг Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси бу компания сармоядорлари билан биргаликда ушбу заводни реконструкция ва модернизация қилиш бўйича иш олиб бормоқда.
2008 йилнинг охирига бориб “Максам-Чирчиқ” очиқ акциядорлик жамиятида йирик ҳажмдаги аммиак агрегати реконструкция қилинади. Бу эса агрегат қувватини йилига 1,7 баробар ошириш, 1 тонна аммиак учун сарфланадиган табиий газ сарфини 400 куб метрга, аммиак таннархини эса 20 фоизга камайтириш имконини беради.
Навбатдаги устувор йўналиш – вилоятда тўқимачилик саноатини ривожлантиришдан иборат. Шу мақсадда яқин икки йилда 16 та лойиҳа асосида 120 миллион доллардан зиёд хорижий инвестиция жалб этиш, Ангрен ва Бекобод, Чирчиқ ва Янгийўл шаҳарлари, Оҳангарон ва Бўка, Қибрай ва Тошкент, Янгийўл ва Пискент туманларида 11 мингдан ортиқ иш ўрни яратиш мўлжалланмоқда.
Албатта, бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин. Энг муҳими, аниқ ҳисоб-китоб ва ечимга эга бўлган бу режа ва лойиҳалар ягона мақсадга, яъни мамлакатимиз, жумладан, Тошкент вилояти иқтисодиётини янада ривожлантириш, шу асосда бу ерда яшаётган одамларнинг ҳаёт даражаси ва сифатини оширишга қаратилгани барчамизга мамнуният бағишлайди.
Азиз дўстлар, қадрдонларим!
Бугун халқимиз, мамлакатимиз буюк ўзгаришлар арафасида турибди. Биз бугун ўз кучи ва салоҳиятига ишонган, эркин, мустақил ва қудратли давлат сифатида дунё ҳамжамиятидан тобора мустаҳкам ўрин эгалламоқдамиз.
Ҳаётда кўп синов ва машаққатларни кўрган, доимо изланиб, янгиликка интилиб яшайдиган Тошкент вилояти аҳли мана шу йўлда бутун халқимиз қатори ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Шундай инсонлар билан бирга бўлиб, уларнинг қувонч ва ташвишларига шерик бўлиш, оғирини енгил қилиш, эзгу мақсад-муддаоларини рўёбга чиқариш йўлида бундан буён ҳам бор куч-ғайратим, билим ва тажрибамни аямасдан хизмат қилишни мен ўзим учун катта шараф деб биламан.
Сизларга яна бир бор ўзимнинг самимий ҳурматимни билдириб, барчангизга, сизлар орқали бутун вилоят аҳлига сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга файзу барака тилайман.